Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари ва унинг такомиллашув масалалари (адвокатура соҳаси мисолида)

 

Ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан собит қадамлар билан бораётган Ўзбекистонда инсон манфаатлари асосий диққат марказда турган сиёсий ва ижтимоий масала сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда. Муҳтарам Президентимиз И.Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида айтганларидек, “Ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг шиддат билан ўсиб, тобора ривожланиб бораётган мамлакатга, инсон, унинг ҳуқуқлари, манфаат ва эркинликларини ҳақиқий қадрият деб биладиган демократик, ижтимоий-сиёсий ва фуқаролик институтларига эга бўлган мустақил ва суверен давлатга айланишини таъминлаб берган яна кўплаб ҳал қилувчи  омилларни мисол  қилиб  келтириш  мумкин[1].

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси тарихий аҳамиятга эга бўлиб, унда инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари ўз ифодасини топган. Мазкур ҳужжат универсал қадрият – “Барча одамлар эркин, қадр-қиммат ва ҳуқуқларда тенг бўлиб туғилади” тамойилини татбиқ этади. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини  топган.

2010 йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан эълон қилинган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, унда мамлакат раҳбари давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш; суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш; ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш; сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш; фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш; демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш бўйича устувор йўналишларни кўрсатиб берди-ки, бу йўналишларда қўйилган вазифаларни бажариш асосида мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг янада самаралироқ механизмларини асосланган фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг истиқболларини кўрсатиб берди[2].

Ўтган давр мобайнида мазкур Концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш жараёнида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид қонунчилик базаси ва уни ҳимоя қилишнинг миллий механизми такомиллаштириб борилмоқда. Жумладан, “Концепцияда кўзда тутилган 50 дан зиёд қонун ва ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш дастури бўйича бугунги кунга қадар мамлакатимиз Парламенти томонидан 12 та қонун қабул қилинди, 30 дан ортиқ қонун лойиҳаси эса кенг жамоатчилик, жумладан, хорижий эксперт ташкилотларни жалб этган ҳолда кўриб чиқиш ва муҳокама этиш босқичида турибди”[3].

Бугунги кунда фуқаролар қонуний кучга кирган биринчи инстанция суд қароридан норози бўлган тақдирда, ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кассация инстансиясида, ўз адвокати иштирокида бевосита ҳимоя қилиш имконига эга бўлишди. Шу тариқа фуқароларнинг биринчи инстанция судларининг қарорларига нисбатан шикоятларини яширин, ёпиқ тарзда кўриб чиқиш тартиби батамом тугатилганини таъкидлаш лозим. Амалга оширилган ўзгаришлар таҳлили шуни кўрсатадики, жорий этилган янгиликлар биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатиш, суд фаолиятида сансалорликка йўл қўймасликнинг муҳим кафолатига айланди.

Юртбошимиз томонидан илгари сурилган ва мамлакатимизнинг узоқ йиллик ривожланиш йўлини белгилаб берган Концепцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда адвокатура институтини ислоҳ этиш билан боғлиқ масалалар чуқур таҳлил этилди. Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов ўз сўзида қуйидагиларни баён қилди: “Ҳозирги вақтда мамлакатимизда прокурор ва адвокатнинг тенглигини, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича суд фаолиятининг барча босқичларида ўзаро тортишув бўлишини таъминлашга, одил судловнинг сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Айниқса, 2008 йилда “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши бу борада ғоят муҳим аҳамият касб этди. Шу асосда амалдаги қонунчилигимизга суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш жараёнининг энг муҳим таркибий қисми бўлган адвокатура мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу қонунга мувофиқ ҳимоячига жиноят ишини юритишга масул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахслардан мутлақо мустақил равишда жиноят иши процессининг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқи берилгани эътиборга сазовордир.
              Шу билан бирга, ҳимоячининг кўрилаётган ишда иштирок этиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ўзига ижозат берилгани тўғрисида ёзма равишдаги тасдиқловчи ҳужжат ва шунингдек, ўз ҳимоясидаги шахс билан учрашиш учун рухсат олиш мажбуриятини белгилайдиган нормалар жиноят-процессуал қонунчилигидан чиқарилди. Эндиликда буларнинг барчаси учун – шунга эътибор беринглар – адвокатлик гувоҳномаси ва адвокатлик муассасаси томонидан бериладиган ордернинг ўзи кифоядир.

Қонунда адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш, унинг ўз ҳимояси остидаги шахсга нисбатан позициясини ўзгартириш мақсадида ҳар қандай шаклда таъсир ўтказишга қаратилган ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланганини эътироф этиш зарур”[4].

Мамлакатимизда жиноий-ҳуқуқий соҳани либераллаштириш борасидаги ислоҳотлар ҳақида гапирганда, жиноят-процессуал қонунчилигимизга киритилган ўзгартишларга мувофиқ тергов ва шахсни қамоқда сақлаш муддатлари қисқартирилганини таъкидлаш лозим.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2011 йил   25 мартда маъқулланган “Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг     245 ва 246-моддаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонунга кўра айбланувчини қамоқда сақлаб туриш муддати тугаган жиноят ишини суд қўшимча терговга қайтарган ва ишнинг ҳолатларига кўра қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини ўзгартириш мумкин бўлмаса, қамоқда сақлаб туриш муддатини бир ойгача узайтириш жиноят ишини қўшимча терговга қайтарган суд томонидан амалга оширилади, бу муддат иш прокурорга келиб тушган пайтдан бошлаб ҳисобланиб, прокурор жиноят ишини уч суткадан кечиктирмай терговчига юбориши шарт. Кўрсатилган муддатни узайтириш айбланувчи иш судга юборилгунга қадар қамоқда бўлган вақт ҳисобига олинган ҳолда ЖПК 245-моддасининг биринчи, иккинчи ва тўртинчи қисмларида белгиланган тартибда ва доирада амалга оширилади.

Жиноят-процессуал кодексига киритилган мазкур ўзгартиш, энг аввало унда иштирок этаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манффаатларини таъминлаш мақсадида амалга оширилгани шубҳасиз.

Гап жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масаласида борар экан бу борада адвокатнинг иштирокини таъминлаш масаласи муҳим аҳамият касб этади. Шу боис жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда адвокатнинг ииштироки билан боғлиқ қуйидаги таклифларни илгари суриш мумкин:

биринчидан, адвокатларнинг ўз процессул вазифаларини бажариш жараёнида терговчи билан ҳамкорлигини такомиллаштириш. Мазкур ҳамкорлик натижасида дастлабки терговда шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши билан бирга, жиноятга алоқаси йўқ шахсларнинг жавобгарликдан озод этилиши, шунингдек, жиноятни содир этган шахсларнинг терговдан яшириниб юришларига чек қўйишда катта аҳамият касб этади. Чунки бунда адвокатнинг ҳимоя позицияси ва терговчининг жиноятни очиш йўлида амалга ошираётган ҳаракатлари билан ўзаро мутаносиблашади. Шу боис ҳам бундай ҳамкорлик томонларнинг ўзаро қадр-қиммати ва касбий шаънини ҳурмат қилиш ҳамда ахлоқ-одоб қоидалари асосида амалга оширилиши лозим;

иккинчидан, терговчи бир вақтнинг ўзида ушланган, гумон қилинувчи, айбланувчи ва уларнинг қонуний вакиллари, шунингдек гумон қилинувчининг, айбланувчининг илтимоси ёки розилиги билан бошқа шахслар томонидан ҳам ҳимоячини таклиф этишига имконият яратиши лозим;

учинчидан, адвокатларни танлаш ҳуқуқи ушланган, гумон қилинувчи ва айбланувчиларга тегишли ҳисобланиб “келишув асосида” олинган адвокатлар ушланган, гумон қилинувчи ва айбланувчиларга юридик хизмат кўрсатишда “тайинланган” адвокатларга қараганда ҳамма вақт устунликка эга ҳисобланиши керак.

Мамлакатни демократлаштириш жараёнида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишнинг ҳозирги босқичидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланган адвокатура институтини янада эркинлаштириш ва адвокатлик фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш жараёнида адвокатуранинг ўрни ва ролини янада ошириш, адвокатнинг хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш, уни, исбот қилиш субъектига айлантириш, шахсни айблаш ва уни ҳимоя қилиш учун яратилган ҳуқуқий асослар мавқеини кўтариш, бу жараёнларда жамоатчиликнинг фаол иштироки ҳамда таъсирини кучайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирларни давом эттириб, холис тергов, кучли адвокат ва адолатли судни таъминлаш каби масалалар долзарб аҳамият касб этади.

Юқорида қайд этилганлардан ташқари шуни ҳам таъкидлаш жоизки, жиноят ишини юритишга масъул бўлган мансабдор шахслар томонидан унда иштирок этаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатланаётганлигига алоҳида эътибор қаратиши жоиз. Чунки бу масала нафақат дастлабки терговда иштирок этаётган шахсларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга, балки жиноятларнинг очилишига ҳам самарали таъсир этади.

 

                                                                                                             А. Қ. Адилов

ҳуқуқшунос



[1]Каримов И.А. Инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳаётимизнинг янада эркин ва обод бўлишига эришиш – бизнинг бош мақсадимиз. –Т.: Ўзбекистон, 2012. – Б. 6.

[2] Қаранг: Каримов И. Мамлакатимизда демократик ислоҳлотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маъруза. 2010 йил 12 ноябрь. –Т.: Ўзбекистон, 2011. – 56 б.

[3] Каримов И.А. Инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳаётимизнинг янада эркин ва обод бўлишига эришиш – бизнинг бош мақсадимиз. –Т.: Ўзбекистон, 2012. – Б. 8.

[4] Каримов И. А.Мамлакатимизда демократик ислоҳлотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маъруза. 2010 йил 12 ноябрь. –Т.: Ўзбекистон, 2011. – 56 б.